Трамп маъмурияти чегарадан узоқда жойлашган Россия энергетика инфратузилмасига узоқ масофали ракета зарбалари учун Украина билан разведка маълумотларини алмашишга рози бўлди. Бу ҳақда 1 октябрь, чоршанба куни The Wall Street Journal онлайн нашри исм-шарифлари ошкор қилинмаган икки нафар америкалик мулозимга таяниб хабар берди.
Муаллифларнинг қайд этишича, бу қадам Трамп маъмурияти Украинани узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш масаласини кўриб чиқаётган пайтга тўғри келди.
Мақсад: Россияни нефть даромадларидан маҳрум қилиш
Reuters агентлигига кўра, Вашингтон узоқ вақтдан бери Киев билан разведка маълумотларини бўлишиб келади. Бироқ, WSJ мақоласига кўра, “янги ишланма Украинага Кремлни даромад ва нефтдан маҳрум қилиш мақсадида нефтни қайта ишлаш заводлари, қувурлар, электр станциялари ва бошқа инфратузилмаларга зарба беришни осонлаштиради”.
WSJ: маълумотларига кўра, АҚШ НАТО иттифоқчиларидан Украинага ҳам худди шундай ёрдам кўрсатишни сўраган. Доналд Трамп аввалроқ Европа давлатларини Россия нефтини харид қилишни бутунлай тўхтатишга чақириб, бу ўз маъмуриятининг Россияга нисбатан қаттиқроқ санкциялар жорий этиши учун шарт қилиб қўйган эди.
Зеленскийнинг Томагавк ракеталари бўйича сўрови
WSJ манбаларига кўра, Украинага қўшимча разведка маълумотларини тақдим этиш қарори Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Украина Европа Иттифоқи кўмагида уруш олиб боришга ва ўзининг собиқ чегараларидаги барча ҳудудини қайтариб олишга қодир” деб ишонишини билдиришидан бироз олдин келишилган.
26 сентябрь куни Британиянинг The Telegraph газетаси дипломатик манбаларга таяниб, Украина президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп билан ёпиқ учрашувда ундан Киевга узоқ масофага учувчи «Томагавк» қанотли ракеталарини тақдим этишни сўрагани ҳақида хабар берди.
Бу ракеталар 2500 км масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир, бу эса уларга Украина ҳудудидан Москва ва Россиянинг Европа ҳудудининг катта қисмига зарбалар бериш имконини беради, деб хабар бермоқда Reuters.
Alpha version: 0.9.1.19 build 100217 | Инструменты