Трамп АҚШнинг ер ости ядровий синовлари ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди

31-октябр, жума куни АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон ядровий синовларни қайта бошлашини тасдиқлади, аммо бунга ядровий портлашлар кирадими ёки йўқми, тўғридан-тўғри жавоб беришдан бош тортди. "Мен айтмоқчи эмасман", -деди Трамп Вашингтондан Палм-Бичга йўл олган Аир Форcе Оне бортида журналистларга АҚШ ер ости ядровий синовларини қайта бошлаши ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

"Буни тез орада билиб оласиз, лекин ҳа, биз баъзи синовларни ўтказамиз. Бошқа давлатлар буни қилмоқда. Агар улар буни қилмоқчи бўлса, биз ҳам қиламиз", - деди Америка етакчиси.

АҚШ 33 йилдан кейин ядровий синовларни қайта бошлади

Бир кун олдин Трамп Пентагонга 33 йиллик танаффусдан сўнг ядровий қурол синовларини бошлашни буюрганини эълон қилди. "Бошқа давлатлар синов дастурларини амалга ошираётган бир пайтда, мен Мудофаа вазирлигига ядровий қуролларимизни тенг асосда синовдан ўтказишни бошлашни буюрдим. Бу жараён дарҳол бошланади", - деб ёзди у 30-октябр куни ТрутҳСоcиал ижтимоий медиа платформасида. Оқ уй раҳбари Қўшма Штатлар "бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ ядровий қуролга эга" эканлигини айтди.

Трамп тўлиқ кўламли ядровий портлашлар, етказиб бериш воситаларини синовдан ўтказиш ёки жанговар каллакларни текширадиган, аммо уларни портлатмайдиган субкритик синовларни назарда тутганми ёки йўқми, номаълум.

Қўшма Штатлар 1992-йилдан бери тўлиқ кўламли ядровий қурол синовларини ўтказмаган. Вашингтон 1996-йилги Ядровий синовларни кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартномани (CТБТ) имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Ўшандан бери Қўшма Штатлар Невада синов майдончасида субкритик ер ости ядровий синовларини ўтказиб келмоқда.

Кремл ядровий қурол синовларига қўйилган мораторийни эслатди. Трампнинг баёнотига жавобан, ўша куни кечқурун Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ядровий қурол синовларига қўйилган амалдаги глобал мораторийни эслатди. У шунингдек, агар мораторий бузилган бўлса, "вазиятга қараб ҳаракат қилиш"га ваъда берган Россия президенти Владимир Путиннинг такрорий баёнотларини келтирди.

Москва охирги ядровий синовини 1990-йилда, Совет даврида ўтказган. Россия Ядровий синовларни кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган ва ратификация қилган, аммо уни 2023-йилда қайтариб олган. Бунгача Қўшма Штатлар Россияни ядровий синовларга қўйилган мораторийни бузганликда айблаган эди.

Сўнгги кунларда Президент Путин чексиз масофага учадиган "Буревестник" ядровий двигателли круиз ракетасини, кейин эса "Посеидон" ядровий двигателли сув ости дронини синовдан ўтказганини эълон қилди. Бироқ, Россия ҳеч қандай ядровий қурол синовларини эълон қилмади. Трамп Путиннинг "Буревестник" синовлари ҳақидаги баёнотини ноўрин деб атади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 110118 | Инструменты