Доналд Трамп Эроннинг ядро объектларига зарба беришни буюриб, «АҚШни янги можарога тортди». Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди.
«Тинчликпарвар президент сифатида келган Трамп янги уруш бошлади», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналига.
Медведевнинг таъкидлашича, «дунёнинг мутлақо катта қисми Исроил ва АҚШ ҳаракатларига қарши», айрим давлатлар ҳатто «Эронга тўғридан-тўғри ўзининг ядровий жанговар комплектларини етказиб беришга тайёр». Шу билан бирга, Медеведев улар орасида Эроннинг «стратегик шериги» ҳисобланувчи Россия бор ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.
Медведев, шунингдек, америкаликларнинг зарбаси жиддий зарар етказмагани, аммо эронликларни оятуллоҳ режими атрофида жипслаштиргани ва энди Теҳрон аниқ ядровий қуролни яратишига ишонч билдирди. «Бундай муваффақият билан Трампга тинчлик бўйича Нобел мукофоти насиб этмайди… Яхши бошланиш, табриклайман, жаноб президент!» — деб ёзади у.
АҚШ Эрон ядро объектларини йўқ қилиш учун Исроилга қўшилди ва 22 июнга ўтар кечаси Натанз, Исфаҳон ва Фордодаги муҳим заводларга зарбалар берди. Трамп операция муваффақиятли ўтганини эълон қилди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Теҳронни «зудлик билан» ядовий битимни тузишга чақириб, акс ҳолда янги зарбаларни амалга ошириш билан таҳдид қилди.
Бунга жавобан Эрон Атом энергияси агентлиги содир бўлган ҳодисага қарамай, уранни бойитиш бўйича ўз дастурини давом эттиришини маълум қилди. Шунингдек, Эрон дунё ҳамжамиятидан АҚШни қоралашга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказишга чақирди. Эрон ТИВ раҳбари Аббос Арағчи Вашингтонни ташкилот халқаро низоми ва халқаро ҳуқуқни бузишда айблади.
Ҳужумга учраган учта объект ташқарисида радиация даражаси ошгани қайд этилмаган бўлсада, МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси 23 июн кунига агентлик раҳбариятининг фавқулодда йиғилишини чақирди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 62300 | Инструменты