Huawei 1
Зарур дорихона амалиёти (GPP) сертификатини олиш муддати узайтирилди

Аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш учун улар халқаро даражада эътироф этилган стандартлар асосида ишлаб чиқарилиши, сақланиши, лаборатория экспертизасидан ва клиник текширувлардан ўтиши керак. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида фармацевтика маҳсулотларининг ушбу талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида GxP концепцияси жорий этилган.  

GxP ўзи нима?

GxP – бу фармацевтика саноатининг турли йўналишларидаги “зарур амалиётлар”, шу жумладан Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP), Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP), Зарур лаборатория амалиёти (GLP), Зарур клиника амалиёти (GCP), Зарур фармназорат амалиёти (GVP), Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP) ни ўз ичига олган яхлит стандартлар тизими. 

2019 йилдан бошлаб мамлакатимиз фармацевтика тармоғида ушбу стандартларни босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланиб, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги 5707-сон Фармонига биноан фармацевтика тармоғи ва республика соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар 2022 йил 1 январга қадар тегишлилиги бўйича GхP талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозимлиги белгиланган эди. Кейинчалик бу муддат 2024 йил 1 январга қадар узайтирилди. 

Давлат раҳбарининг жорий йил 23 январдаги “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан эса маҳаллий корхоналарда GxP стандартларини жорий этиш учун янги муддат белгиланди. Хусусан, мазкур ҳужжатга асосан: 

фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи барча маҳаллий корхоналар 2024 йил 1 июлга қадар Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши;

фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар 2025 йил 1 январга қадар ҳамда бошқа дорихоналар 2026 йил 1 январга қадар Зарур дорихона амалиёти (GPP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши; 

2024 йил 1 июлдан бошлаб, янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда “Зарур сақлаш амалиёти - GSP” талабларига мувофиқ ташкил этилиши;

ҳамда 2026 йил 1 январдан бошлаб GSP талабларига мувофиқлик бўйича сертификатга эга бўлмаган божхона омборлари ва эркин омборларда дори воситаларини сақлаш тақиқланиши белгилаб қўйилди.

"Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги 486-сонли қарорига мувофиқ, фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва фармацевтика тармоғига илгор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилишини таъминлаш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузурида Зарур амалиётлар маркази ташкил этилди", дейди Зарур амалиётлар маркази директори Азиз Дусматов. 

2023 йил давомида Марказ томонидан 139 та GxP сертификатлари расмийлаштирилган, 16 та корхоналарга сертификат бериш рад этилди, — дейди мутахассис. Бундан ташқари, GMP талабларига мувофиқлик юзасидан маҳаллий корхоналарда жами 41 та ва хорижий корхоналарда 35 та, GDP талабларига мувофиқлик юзасидан 318 та, GPP талабларига мувофиқлик юзасидан 4 та, GSP талабларига мувофиқлик юзасидан 2 та инспекция амалга оширилган. 

Шу билан бирга, 11 та дори воситаси ишлаб чиқарувчи корхоналарга жами 75 та (фармацевтика маҳсулотига сертификат - CPP) сертификатлари расмийлаштирилди. 

GxP стандартларининг юртимизда жорий этилиши нима беради?

GxP стандартларини жорий этишнинг бир қанча афзалликлари бор. Жумладан, бунда аҳоли сифатли, хавфсиз ва безарар дори воситалари билан таъминланиши кафолатланади, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигига бўлган ишонч кучаяди. Шунингдек, корхоналарда халқаро талабларга жавоб берадиган сифат тизими яратилади, маҳаллий махсулотларнинг рақобатбардошлиги ошиб, миллий фармацевтика тармоғининг халқаро майдондаги обрўси юксалади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62512 | Инструменты