Huawei 1
Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги буткул бузиб ташланди

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигининг аллома ҳақидаги маълумотлар ёзилган девор қисми бузиб ташланди. Бу ҳақдаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Мажмуада бўлган Навоий ҳайкали 2023 йил феврал ойида қулатилган эди. Энди эса, “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганининг 4 йиллигини байрам қилган куни, ҳайкалнинг икки ёнида жойлашган, мутафаккир ҳақидаги маълумотлар битилган девор ҳам қулатилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, вазирлик ҳолат юзасидан расмий Кобулдан изоҳ сўраган. Афғонистон томони берган изоҳга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой “буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги”, шоир ва мутафаккир учун “янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги” боис маҳаллий ҳокимият томонидан “олиб ташланган”.


Шу билан бирга, бу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.

“Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасининг муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади”, – дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 82201 | Инструменты