Академик интизом ва таълим сифатидаги муаммолар — Олий таълим вазирлиги сиртқи таълим тугатилишига изоҳ берди

16 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова сиртқи таълим шакли тугатилиши юзасидан фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан берилаётган саволларга жавоб берди.

Жорий йилнинг май ойидаги президент фармони билан 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилганди. Мазкур талаб давлат ҳамда хусусий олийгоҳлар учун тенг амал қилади.

Вазирлик 2018 йилда қайта жорий этилган сиртқи таълим шакли катта ёшдаги аҳоли ўртасида олий таълим қамровини ошириб, ижобий натижалар берганини қайд этди. Бироқ, академик интизом, сифат назорати ва юқори таълим стандартларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Шунинг учун ҳам сиртқи таълим шакли тугатилган. Ҳозирда таҳсил олаётганлар эса ўқишини давом эттиради.

Улар ўз йўналишларида давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказадилар. ОТМлар эса ўқув машғулотларини сифатли ташкил этиши, уларни ахборот-ресурслари ва амалий машғулотлар билан таъминлашлари зарур.

Сиртқи таълим шаклида белгиланган тартибда диплом олганлар қонунчиликка мувофиқ тўлиқ олий маълумотли мутахассис ҳисобланади. Уларга бериладиган дипломлар бошқа таълим шаклидагилари (кундузги, кечки ёки масофавий) билан тенг юридик кучга эга.

Ҳозирда кундузги шаклда биринчи босқичда таҳсил олаётган талабалар ўқишини сиртқи таълимга кўчиришлари мумкин. Бунда уларнинг ўқиши сиртқи таълим шакли мавжуд гуруҳларга кўчирилади. Улар белгиланган муддат ва тартибда рўйхатдан ўтишлари ва ариза жўнатишлари керак.

Келгусида кундузги таълимга муқобил шакллар — масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (парт-тиме) таълим шакллари босқичма-босқич ташкил этилади, уларга қабул кўрсаткичлари кенгайтириб борилади.

“Бу ишлаётган абитуриентлар учун ўқиш ва ишни бир вақтда олиб бориш имконини беради. Масофавий таълим АКТдан фойдаланган ҳолда ташкил этилиб, талабалар бевосита таълим муассасасига келмасдан билим олишлари мумкин бўлади”, — деди Абдуқундузова.

Кечки таълим шаклида ўқиш иш вақтидан кейин амалга оширилади. Ҳукумат томонидан бу бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилиб, ўқув дастурлари талабга мослаштирилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда манфаатдор органлар билан мақбуллаштирилган кундузги таълим шаклида (парт-тиме эдусатион) кадрлар тайёрлаш тартиби бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган. Ҳужжат ишлаб чиқилгач, мазкур таълим шакли жорий этилади.

Бундан ташқари, ҳозир мамлакатдаги 21 та давлат ҳамда нодавлат ОТМларида масофавий таълим шакли мавжуд. Вазирликка кўра, янги ўқув йилида бошқа олий таълим ташкилотларида ҳам мазкур шакл бўйича таълим йўлга қўйилиб, тегишли платформалар яратилади. Қабул эса умумий тартибда амалга оширилиб, қўшимча мажбуриятлар талаб этилмайди.

Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида қабул тугатилди. Бунинг учун кундузги, масофавий ёки кечки таълим шаклларидаги йўналишларда ўқиш мумкин.

Аввалги йилларда сиртқи таълим шаклида иккинчи мутахассисликка қабул қилинганлар эса ўқишини давом эттиради.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40500 | Инструменты