Қонунчилик палатасининг мажлисида Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинар экан, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласига алоҳида тўхталди:
— Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалага ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Мамлакатда ички инфратузилмани ташкил этиш ва сақлаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун иқтисодий таъминот зарур. Масалан, янги қурилаётган хонадонлар учун ипотека кредитлари бериш учун ҳам тижорат банкларини узоқ муддатга маблағ билан таъминлаш зарур бўлади. Шу каби ишлар ташқи қарз ҳисобига қопланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи 33,7 миллиард доллар, ички қарз эса 6,5 млрд. долларни ташкил этмоқда. Жами қарздорлик ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меъёрларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарзи мўътадил ҳисобланади.
Қолаверса, давлат қарзи тўғрисидаги қонунчиликка кўра, давлат қарзи ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Ташқаридан олинаётган ҳар бир маблағга ниҳоятда синчковлик билан қаралади, қайси мақсадлар учун олинаётгани текширувлардан ўтказилади, — деди Бош вазир ўринбосари.
Alpha version: 0.9.1.19 build 80217 | Инструменты