Huawei 2
“Беморлар сони ошиб кетаверса, касалларни даволаш учун жой етадими, шифокорлар-чи?”

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Республика Махсус комиссияси аъзоси Феруза Ҳамробоева иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда коронавирус инфекцияси борасида аҳолидан келиб тушган саволлар юзасидан жавоб қайтарилди:

Пульсоксиметр нима? 

Тиббий муассасаларда ва беморнинг уйида қоннинг кислород билан тўйинганлиги даражасини,  яъни сатурациясини кўрсатувчи тиббиёт асбоби.

Агар кўрсаткич 94-95 дан юқори бўлса - бу нормал ҳолат.

Нима учун ПЗР билан бирга бошқа усуллар билан вирусни аниқлаш йўлга қўйилмаяпти?

ПЗР текширувидан ташқари экспресс-тест, ИФА ва ИХЛА  таҳлил турлари мавжуд. Ҳозирда бу барча тест тўпламлари  республикамизда йўлга қўйилган. Хусусий кликаларда уларни аниқлашга рухсат берилган.

Давлат тиббиёт муассасаларида ҳам бу тестлар йўлга қўйилади.

Нега ҳеч қайси манбада хусусий клиникаларнинг ИВЛ ва бошқа керакли аппаратлар билан жиҳозлангани бўйича аниқ рақамлар келтирилмайди?

Республика бўйича коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослаштирилган муассасалар ИВЛ (942) ва СИПАП (2567) аппаратлари, шунингдек, кислород концентраторлар билан жиҳозланган.

Айтишларича, стационарларда беморлар эътиборсиз қолишяпти экан, уларга ўз вақтида қаралмас экан, бу борада тўғри маълумот борми?

Беморларни даволашга 10 мингдан ортиқ мутахассис, жумладан тиббиёт олийгоҳларининг етакчи профессор ва  илмий ходимлари жалб қилинган.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда  ЖССТ ва 50 дан ортиқ давлат,  жумладан Россия, Туркия, Германиядан мутахассислар билан ҳамкорлик қиляпмиз.

Ҳар йили ёзда терлаб туриб яхна ичимлик ичиш шамоллашга олиб келган-ку? Бу йилги оддий шамоллашнинг ҳаммаси коронавирус ҳисобланадими?

Албатта йўқ. Респиратор инфекциялари аҳоли орасида ҳозирги вазиятда ҳам учраши аниқ, лекин кузатувлар бўйича шамоллаш аломатлари пайдо бўлган кўпчилик аҳоли ваҳимага тушиб саломатликларига путур етказмоқдалар.

Мутахассислар фикрича, стресс организмнинг иммун тизимини сустлаштиради. Бу эса юқумли касалликка чалинишнинг асосий омилидир.

Касаллик кўпаяверса, беморлар сони ошиб кетаверса, касалларни даволаш учун жой етадими, шифокорлар-чи?

Республика махсус комиссияси томонидан ҳокимликларга ҳудудларда  коронавирусга ихтисослашган шифохоналарни  ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш  ва Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ҳамда пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган «махсус поликлиникалар» ташкил этиш  масалалари ечими юклатилди.

25 июль куни 6035-сон Президент фармони имзоланди, унга кўра,  етишмаётган мутахассисларни тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, нафақадаги шифокорлар, ҳамда бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар ҳисобидан тўлдирилиши назарда тутилган.

Ундан ташқари, бошка тиббий олий таълим муассасалари тарафидан шифокорларни зарур бўлган мутахассисликлар, жумладан, анестезиолог-реаниматологлар, ўпка ва юрак қон-томир  тизими касалликлари шифокорларини  қайта тайёрлаш тизими бўйича ўқитилиши йўлга кўйилганлиги айниқса муҳим.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga