Huawei 1
Моддий маданий мерос объектларини муҳофазалаш мақсадида жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 26 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида қонун лойиҳалари билан бирга, қуйи палата томонидан юборилган бир қатор парламент сўровларига вазирликлардан келган жавоблар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаевга юборилган «Республикамиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини тиклаш, сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўрови юзасидан тақдим этилган жавоб ҳар томонлама муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, 2018 йилда моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун республика бюджети ҳисобидан 47,5 миллиард сўм ажратилган ва мақсадли сарфланган. Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи давомида моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш учун берган топшириқлари бўйича ҳам мақсадли ишлар амалга оширилган. Хусусан, Андижон вилоятидаги Жомъе меъморий мажмуаси, Арк ичи мадрасаси (Заҳриддин Муҳаммад Бобур уй-музейи), Ховускон ота зиёратгоҳи, Бухоро вилоятидаги Чор Бакр мажмуаси, Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси, Қашқадарё вилоятидаги Баҳовуддин Нақшбандий, Имом Муйин ан-Насафий, Ҳусам ота мажмуалари, Маҳмуд ибн Аминбой уйи, Шаҳрисабз қалъа девори ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги Довуд ота мажмуаси, Фил қалъа девори, Қизил қалъа қўрғони, Ҳаким ота (Сулаймон Бақирғоний) мақбараси, Бурахон ота мақбараси, Катта Гулдурсун археологик объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, Самарканд вилоятидаги Бибихоним масжиди, Ҳазрати Хизр, Хўжа Аҳрор Валий мажмуалари, Хўжа Зудмуруд масжиди, Бухоро яхудийлари қабристони (Афросиёб қалъа девори), Хўжа Сафой Валий жомъе масжиди, Нодир Девонбеги, Усматбой, Шердор мадрасалари, Сурхондарё вилоятидаги Саид оталиқ, Султон Саодат мажмуалари, Жарқўрғон минораси, Қирқ қиз қалъаси, Қоратепа, Кампиртепа қалъаси каби археологик ёдгорликларида ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлар сони 8208 тани ташкил этиб, жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 5636 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Қолган объектларни расмийлаштириш жараёнлари давом этмоқда.

Эътиборлиси, 2019 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан “Моддий маданий мерос объектларига жамоатчи инспекторларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланди. Мазкур қўшма қарор билан моддий маданий мерос объектларини асраш, сақлаш ва уни келажак авлодга етказиш мақсадида маҳаллий фаоллардан жамоатчи инспекторларни бириктириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 2563 нафар жамоатчи инспекторлар бириктирилган бўлиб, улар билан моддий маданий мерос объектларига “муҳофаза” шартномалари имзоланиб, инспекторларга гувоҳномалар берилган.

Мажлисда депутатлар республикамиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини тиклаш, сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадлари учун Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди. Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига Маданият вазирлигининг парламент сўрови юзасидан тақдим этган жавоби келтирилган ҳар бир масала бўйича парламент назоратини амалга ошириш вазифаси топширилди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 60716 | Инструменты